Yangibozor tumani prokurorining murojaati

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан 2025 йил 3 январь куни Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сонли Қарори қабул қилиниб, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари олдига бир қатор муҳим вазифалар қўйилди. Бу борада фаолиятни жамоатчилик билан ҳамнафас олиб боришни таъминлаш мақсадида “маҳалла еттилиги” масъуллари зиммасига ҳудудда ижтимоий-профилактик тадбирларни олиб бориш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимой қўллаб-қувватлаш, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уюшмаган ёшларнинг мавжуд муаммоларини аниқлаб бартараф этиш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари олдимизда турган долзарб масалалардан бири бўлган жиноятчиликни жиловлашда ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳалла, мактаб, бозор, кўнгилочар масканлар, аҳоли гавжум жойлар ва кўп қаватли уйларга замонавий техника воситаларини ўрнатиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Шунингдек, вояга етмаганлар, ёшлар, хотин-қизлар, муқаддам судланганлар билан турли йўналишларда профилактик тадбирлар олиб борилиб, тарғибот ишларига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга пул олди-берди, ер, пластик, кредит ҳамда бошқа олди-бердилар билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушмоқда.
Сўнгги 5 ойда туманда содир этилган жами жиноятлар 15,4 фоизга ошган. Шундан олдини олиш лозим бўлган жиноятлар жами жиноятларнинг 46,6 фоизни, кибер жиноятлар 23,3 фоизини ташкил қилган.
Ҳозирги кунда юртимизда рақамли иқтисодиёт кенг жалб этилаётганлиги натижасида фирибгарлик ва ўғирлик жиноятларининг аксарияти ахборот технологиялари ва Интернет ижтимоий тармоқлари орқали содир этилаётганлиги кузатилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, жамиятимизда сўнгги йилларда кўп кузатилаётган фирибгарлик жиноятининг қурбони бўлмаслик учун авваломбор, фуқаролар билан пул, автомашина, уй-жой олди-сотди жараёнлари ва бошқа масалаларни ҳал этишда амалдаги қонун талабларига қатъий риоя этишингизни сўраб қоламиз.
Шунингдек, Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали келаётган турли хил ютуқли ўйинлар, олдиндан тўлов талаб қилувчи интернет дўконлари, бола пули, хайрия, нафақа ва бошқа пул маблағлари тарқатилаётганлиги тўғрисидаги ёлғон хабарлардан эҳтиёт бўлишингиз ҳамда шахсга доир маълумотлар, банк карталари, ҳисоб рақамлари тўғрисидаги маълумотларни сир сақлашингизни ҳамда бу борада олиб борилаётган тарғибот тадбирларига беэътибор бўлмаслигингизни, бегона шахсларнинг ножўя хатти-ҳаракатларидан хабардор бўлган тақдирингизда прокуратура органларига зудлик билан мурожаат қилишингизни сўраб қоламан.
Ҳурматли фуқаролар! Биз жиноятларнинг оқибатлари билан эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузарликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф қилишни устувор вазифа деб ҳаракат қиламиз. Бу жараёнларда бизга сизнинг иштирокингиз муҳим ҳисобланади.
Шундай экан аҳоли ва кенг жамоатчиликни жиноятларнинг олдини олишга ҳамда уларни бартараф этишда фаол ҳамкорликка чақирамиз.
Янгибозор тумани прокурори Б.Б.Эшназаров.
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 30 марта