Коррупцияга қарши курашда хорижий мамлакатлар тажрибаси
Барча хорижий мамлакатлар амалиётида коррупциянинг олдини олишда самарали криминологик тадқиқотлардан фойдаланишга алоҳида эътибор берилади. Хусусан, Скандинавия давлатлари - Дания, Финляндия, Исландия, Норвегия ва Швеция адлия вазирлари томонидан 1962 йилда ташкил этилган Криминология бўйича Скандинавия кенгаши бу мамлакатларда жиноятчиликка қарши кураш сиёсатини шакллантиришда иштирок этишади. Кенгашнинг асосий мақсадлари – иштирокчи мамлакатларда криминология тадқиқотларни мувофиқлаштириш, жиноятчиликка қарши кураш бўйича ҳукуматларга тавсиялар ишлаб чиқиш ҳисобланади. Бу мамлакатлардаги жиноят-ҳуқуқий доктринада ахлоқий категориялар ва ижтимоий қадриятлар тизими алоҳида ўрин тутади. Криминология бўйича Скандинавия кенгаши 15 та аъзодан – ҳар бир давлатдан учтадан вакил, иккитаси таниқли криминолог ва битта адлия вазирлиги вакилидан иборат . Скандинавия мамлакатлари аҳолиси ҳуқуқий онгига ижтимоий тенглик ғояси, жамоатчилик ва юридик институтларга ишонч, шахс даражасида ҳар хил ҳодисаларга бағрикенг-лик, шунингдек, “жиноят”, “жиноятчи”, “жазо” ва “жавобгарлик” сингари ҳуқуқий категорияларга нисбатан намоён бўлувчи умумий адолат ҳисси хос ҳисобланади . Умуман Скандинавия мамлакатлари учун жиноятчиликнинг ижтимоий илдизлари асосий криминоген доминант деган қараш устунлик қилади. Скандинавия давлатлари тажрибаси шуни кўрсатадики коррупцияга қарши самарали курашни ташкил қилиш учун криминологик тадқиқотларни янада ривожлантириш, бунда ҳуқуқ йўналишидаги олий ўқув юртлари ва илмий муассасалар криминология соҳасидаги тад-қиқотларни мувофиқлаштириш мақсадга мувофиқдир . Шуни айтиш лозимки, Трансперенси Интернейшнл (Transparency International) ташкилоти томонидан 2009 йилда эълон қилинган жаҳон мамлакатларининг коррупциялашганлиги даражасини акс эттирувчи рейтингда Скандинавия мамлакатларида бу кўрсаткич энг паст даражада эканлиги қайд этилган. Унга кўра, Янги Зеландия, Дания, Сингапур, Швеция, Швейцария, Финляндия мамлакатлари бу борада энг паст кўрсаткичга эга бўлган давлатлар ҳисобланади.
Коррупция, энг аввало, ҳар қандай мамлакатда давлат аппаратининг халқ олдидаги минимал мажбуриятларини бажаришда ожизлигини англатади. Бу Африка, Лотин Америкаси ва Осиёнинг кўпгина ривожланаётган давлатларини ҳам қамраб олган ва мазкур мамлакатлар учун жиддий муаммолардан бири ҳисобланади. Бу мамлакатларнинг барчасида коррупция халқнинг қашшоқлиги, мамлакатнинг қолоқлигига сабаб бўлмоқда. Хусусан, Гонконгда ташкил этилган Коррупцияга қарши курашувчи мустақил комиссия мазкур фаолиятда муваффақиятли ва кескин чораларни амалга ошира олувчи институтларга намуна бўлиши мумкин. Ҳокимият идоралари фаолиятини синч-ковлик билан – расмий институтлар, алоҳида фуқаролар томонидан мониторинг қилиб бориш, шунингдек, айбдорларни суд таъқиби Гонконгдаги коррупцияга қарши курашнинг асоси сифатида хизмат қилади.
АҚШда коррупцияга қарши курашга қаратилган махсус қонун ҳужжати қабул қилинган. “Foreign Corrupt Practices Act” деб номланган мазкур қонун ҳужжати Америка компанияларини шартномалар тузишда имтиёзлар ва кафолатлар олишда хорижий мансабдор шахсларга пора берганлик учун жавобгарлигини белгилайди.
Ўтган асрнинг 90-йилларида япон тадқиқотчилари коррупциявий жиноятчиликни камайтиришда: ҳокимият тузилмалари фаолияти тўғрисида маълумотларни ошкоралаштириш, мансабдор шахсларни назорат қилиш учун марказий ва маҳаллий миқёсда мустақил омбудсман институтини жорий этиш, шу турдаги жиноятларга қаттиқ жазо тайин-лаш (депутатликка сайланишдан маҳрум қилиш, умрбод юқори лавозимга кўтарилишдан маҳрум қилиш, сайлов гуруҳидаги шунга алоқадор кишиларни жазолаш), сайлов компанияларини молиялашни тўла давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширишни таклиф этган эдилар. Японияда коррупцияга қарши курашиш билан бирга нотўғри(туҳматдан) пора олиш ҳақида хабар бериш ҳам, пора олувчиларга нисбатан белгиланган жазога – уч йил муддатга каторга жазоси ёки жарима жазосига тортилиши мумкин. Жиноят қонунчилигида амалга оширилган ислоҳотлар орқали бир қатор мансабдорлик жиноятларига бериладиган жазолар оғирлаштирилди. Масалан, давлат ва жамоат арбобларининг мансабдорлик ваколатлари билан ҳокимиятни суистеъмол қилишига 2 йилгача каторга ёки турма қамоғи жазоси белгиланди. Илгари бундай жиноят учун шахс 6 ойгача шундай жазога тортиларди.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш ҳар бир давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Коррупцияга қарши муваффақиятли кураш тизимини барпо этиш бу борада кенг кўламли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда унга танқидий ёндошган ҳолда миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этишни тақозо қилади.
Сардор Қўшимов,
Янгибозор тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 73 марта