Ўзбекистон халқ шоири Омон Матчонни эслаб...

Тасвирга олиш ишлари якунига етиб, юртга қайтишимизга бир неча кун қолган эди. 29 октябр куни Истанбул шаҳридаги “BOF” меҳмонхонасидаги 806-чи хонада “Хоразм немислари” китобимнинг Латофат Абдримова томонидан таржима этилган рус тилидаги нусҳасини мутолаа қилиб ўтирганимда қўл телефонимга хабар келди. Телефонни қўлимга олдим. Хивалик қадрдон дўстим Сафарбой, Омон Матчоннинг дорул бақога риҳлат қилгани тўрисидаги шумхабарни жўнатган экан. Бирдан “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун” дея юзимга фотиҳа тортдим. Беихтиёр, сафарга кетмасимдан олдин, бир гуруҳ қадрдонлар билан Омон аканинг хонадонида бўлиб, дилдан суҳбатлашган дамлар ёдимга келди. Ҳа, шу куни ўзбек халқининг улуғ шоири, Хоразм дилбанди, бугун орамизда йўқлиги ҳар лаҳза, ҳар он сезилаётган, у ёки бу дийдор лаҳзаларини эслаганимизда қалбларимизни тирнаётган соғинч ҳиссига сабабчи, улкан қалб эгаси Омон Матчоннинг таваллуд куни эди. На чора... Ўлим ҳақ экан. Оллоҳ берганидан ортиғига даво этолмас эканмиз.

Ўша, таваллудига 77 йил тўлган куни Омон ака ботинан нохушроқ кўринса-да, зоҳирида ўша хушчақчақлик, доимгидай, табиатига хос бўлган ҳазил-мутойибаларни канда қилмаганди. Омон аканинг бутун ижоди давомида, фақат икки улуғ шоирнинг ғазалига муҳаммас боғлаганидан хабардор бўлсам-да, яна бир карра ўзларидан эшитиш истаги билан Огоҳий бобомизнинг “устуна” радифли ғазалига боғлаган муҳаммасининг сўнгги бандларини айта бошлаб:

Бирдан тилимни тишладим, изза боқиб ён вергаким,

Даркорми сўз, устозларинг сўз айтмаган бир ердаким.

Бор журъатинг ёзгин Омон юртинг овозин шеъргаким,

Не журъат ила Огаҳий очгай оғиз сўз дергаким,

Юз хайли ғам қилмиш ҳужум ул зори ношод устина, дея тўхташим билан Омон ака тўлқинланиб кетди чоғи, муҳаммасни бошдан охир ёддан ўқиб, ҳаммамизни хурсанд қилди. Санъат ва адабиёт аҳлининг қадрини доим баланб тутувчи, элпарвар, олижаноб инсон Неъматулло оғамизнинг ишорасига кўра, самарқандлик Мажидхон ҳофиз билан Муножотни хиргойи қилишга чоғландик. Даврамиз анча жонланди. Янада илҳоми жўш урган раҳматли Омон ака Навоий хазратларининг ўша машҳур, “Аввалгиларга ўхшамас” ғазалига вобаста қилган муҳаммасларини жўшиб ўқиганларида, ҳаммамиз беихтиёр қарсак чалиб юбордик. Айтиш жоизки, ўша кунги кичик йиғинимиз ўзига хос маданий-маърифий даврага айланиб кетганди.

Аслида, бу каби хотираларни Омон Матчоннинг ижодий мероси ва меҳри-мурувватидан баҳраманд бўлган ҳар бир элдошимиз эслаши, ёд этиши табиий, албатта.

Ҳа демай, хассос шоир, адолат куйчиси, ҳар қандай урра, урралар ва хушомадгўйликлардан ҳоли қаламкаш Омон Матчоннинг дунёдан ўтганига ҳам бир йил тўлибди.

Жаҳонда ҳеч бир қуролда қудрат,

Ҳақиқат айтилган бир дамча йўқдир, деб ёзган эди шоир.

Бинобарин, у доим ҳақиқатни ёзди, ҳақиқатни айтди. Дунё ўткинчи. Бироқ оддий ва камтар инсон, юксак салоҳият соҳиби, раҳматли Омон Матчон ўз ашъорлари билан келажак авлодлар ёдида мангу барҳаётдир! Умри давомида ҳақиқатни пеша тутган, адолат куйчиси Омон бобонинг охиратига ободлик ёзилган бўлсин! Омин!

 

НУР АҲМАД

Тележурналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси


Октябрь 29, 2021
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 620 марта