Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсатининг фермер ва деҳқонлар ҳамда томорқа ер эгаларига М У Р О Ж А А Т И

Сўнгги йилларда мамлакатимизда кўкаламзорлаштириш, ўсимликларни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Кўчат экиб, боғ яратиш – халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Зеро, ўзимиз яшаб турган жойни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш туфайли кўнглимиз шодликка тўлади, турмушимиз файзли ва фаровон бўлади.

Айни чоғда боғлар, кўчалар ҳамда йўл четларида яшнаб турган дарахтлар теварак-атрофга кўрк улашиши баробарида ҳаво мусаффолигини таъминлаб, дастурхонимизни мевалар билан тўлдиради.

Дарахтларга меҳр бериш, уларни парваришлаш энг эзгу ва хайрли амал саналади. Кўчат экиб, боғ яратиш, атроф-муҳитни тоза ва озода сақлаш халқимизнинг асрлар синовидан ўтган миллий қадриятидир. Зеро, аждодларимиз оилада янги туғилган фарзандга атаб ерга ниҳол қадаган. Ўша дарахт билан бирга фарзанд ҳам улғайган.

Демак, халқимизнинг  ибратли ўтиши ўзимиз яшаётган муҳитда табиатга оқилона муносабатда бўлиб, уни асраб авайлаш, келгуси авлодлар ҳам яшаши учун қулай макон барпо этишга ундайди.  

Муҳтарам Президентимизнинг жорий йилнинг 11 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасида берган кўрсатмалари ана шундай эзгулик йўлидаги жуда ҳам муҳим ташаббусдир.

Президентимиз раислигида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда бу борадаги ишларни кенгайтириб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил куз ойида 75 миллион дона, 2023 йил баҳор ойида 125 миллион дарахт экиш вазифаси белгилаб берилди.

Шунингдек, ушбу йиғилишда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмаслиги, келгуси беш йилда
1 миллиард туп дарахти кўчатини экиш мақсад қилингани таъкидланди.

 «Яшил макон» умуммиллий лойиҳа амалга оширилиши ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатларни танлаб уларни етиштириш учун кўчатхоналар кўпайтирилиши айни муддаодир.

Ўтган йиллар тажрибасидан келиб чиқиб, юртимизда                                  20 октябрдан 1 декабргача кўчат экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.

 Қайд этиш керакки, ўтган йили куз ва жорий йилнинг баҳор ойларида маҳаллаларда, фермер ва деҳқонларимиз далалари четларига ва аҳоли томорқаларида 200 миллиондан зиёд кўчат экилди. Албатта, бу савобли ишларда кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик қатори Сиз меҳнаткаш деҳқон ва фермерларимизнинг ҳам муносиб улуши бор.

 

Ҳурматли фермерлар!

 

“Долзарб 40 кунлик”да Сиз ҳам далангиз четидаги бўш ерларга тут, ток ва бошқа дарахт кўчатлари экиб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссангизни қўшинг.

Бунинг учун  мамлакатимиздаги кўчат етиштирувчи бир ярим мингта фермер, деҳқон  хўжаликларида ва томорқа ер эгаларида
76 миллиондан зиёд тут, ток, тол, ёнғоқ ва бошқа дарахт ниҳоллари мавжуд.

Сиз улар билан ҳамкорлик қилсангиз, юртимиз яшиллик оламига ўзингизнинг муносиб ҳиссангизни қўшган бўласиз.

 

Меҳнаткаш деҳқонлар!

 

Муҳтарам Президентимизнинг алоҳида қарорлари билан жорий йилдан бошлаб пахта-ғалладан бўшаган майдонлардан  деҳқон хўжаликлари учун ер ажратилиб, Сизлар шу йилдан бошлаб бу ерлардан даромад олишни бошладингиз.

 Сизлар ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланган ҳолда “Бир контур-бир маҳсулот” тамойилини амалга ошириш доирасида дала четига ва кўча бошига  тут, ток ва бошқа кўчатларини экишни ташкил этишга чақирамиз.

 

Муҳтарам томорқачилар!

 

Мамлакатимиздаги 10 мингга яқин маҳалла фуқаро      йиғинларида 5,5 миллиондан зиёд томорқа ер эгалари фаолият юритади.

Натижалар ҳисоб-китобларда аниқ кўринади. Агар ҳар бир томорқачи ўз томорқасига, маҳалла гузарига ва кўча бошига                     10 тупдан кўчат экса, юртимиз бўйича 55 миллион туп кўчат экилади. Бундай саховатпешалик билан қилинган ишларингиз таҳсинга сазовор бўлади!

Сизларга тут, ток ва бошқа кўчатлар керак бўлса  жойлардаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларига мурожаат этишингиз мумкин.

 Айни пайтда Кенгаш ҳузуридаги “Қува илмий ишлаб чиқариш” марказида 30 миллиондан зиёд ток, тут ва бошқа мевали дарахт кўчатлари заҳираси яратилган, ушбу кўчатларни харид қилиб, маҳаллангиз гузарига ва кўча бошларига ҳамда томорқангизга экиб обод қилишга чақирамиз.  

 

Ҳурматли ҳудудий кенгаш раислари!

 

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига сифатли кафолатланган тут, ток ва бошқа кўчатлар билан таъминлаш юзасидан маълумотлар бериб боринг.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига кўчатлар харид қилиш бўйича Кенгаш ҳузуридаги Жамғарма маблағларидан имтиёзли кредитлар бериш бўйича тушунтириш ишларини ташкил қилингизлар!

Маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда дарахтларни парваришлаш, суғориш, зараркунандалардан ҳимоя қилиш борасида тизим яратиш бўйича ишларни ташкил этишда фаол иштирок этинг;

Кўчатларни етказиб бериш ва нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида Кенгаш ҳузуридаги “Қува томорқа ер учаткаларини ривожлантириш илмий амалий маркази”да етиштирилган ток, тут ва бошқа мевали дарахт кўчатларини фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига тизимли етказиб бериш бўйича ҳар бир туман марказларида кўчат сотиш ярмаркалари ва савдо расталарини ташкил этинг.

 

Ҳурматли ва азиз фермерлар, деҳқонлар ҳамда томорқа ер эгалари!

 

Сизларни ҳурматли Юртбошимизнинг юксак ишончини оқлаб, мамлакатимиз равнақи ва фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида эълон қилинган “Долзарб 40 кунлик”да фаол иштирок этиб тут, ток ва бошқа дарахт кўчатлари экишга чақирамиз!

 Бу билан сиз халқимизга хос эзгу фазилатларга ўзингизнинг муносиб ҳиссангизни қўшган бўласиз! Зеро, нафақат ҳовли ва уйларимиз мана шу, маҳалла, шаҳар ва мана шу ватан ҳам ўзимизники. Унинг озодалиги ва кўркамлигига барчамиз масъулмиз.

Ватанимиз ободлигига ўз ҳиссамизни қўшайлик!

 

Ўзбекистон фермер, деҳқон

хўжаликлари ва томорқа ер

эгалари кенгаши Раёсати


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK Ноябрь 07, 2022 - Автор: Umida Nurmetova