Ўзбекистон ёшлар мамлакати
Туманда ёшлар бандлигини таъминлаш ҳамда уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида 28 банддан иборат Ёшлар дастури ишлаб чиқилди ва бунинг учун жами 888,1 млн. сўм маблағ сарфланиши белгиланди.
“Ёшлар дафтари” тизимининг йўлга қўйилганлиги том маънода маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий муаммоси мавжуд ёшларни манзилли аниқлашнинг самарали тизими бўлди десам муболоға бўлмайди.
Туманда 2022 йил бошидаги хатлов ва ўрганишлар натижасида “Ёшлар дафтари”га 611 нафар ёшлар киритилди.
Ҳозирга қадар бу ёшларга доимий ишга жойлашиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун кредит ажратиш, деҳқончилик билан шуғулланиш учун ер ажратиш ва бошқа масалаларда амалий ёрдам берилди.
Бундан ташқари Ҳурматли Президентимизнинг Ёшлар сиёсатига алоҳида эътибори натижасида туман ҳокимининг ташаббуслари билан барпо қилинаётган ижтимоий объектлар қаторида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилишга қаратилган ёшлар объектлари барпо этилмоқда. Хусусан, Халқобод ва Боғолон маҳаллаларида ёшлар учун барча шароитларга эга бўлган Ёшлар марказлари, Оча-қалъа ва Шоирлар маҳаллаларида замонавий типдаги енгил конструкцияли кутубхоналар маҳалла ёшлари учун кенг имкониятларни яратмоқда. Яқин кунларда туманимиз марказида ҳам Ёшлар маркази фойдаланишга топширилди.
Мазкур марказда рус ва инглиз тилларини ўрганиш, компьютер саводхонлиги, шахмат-шашка, ментал арифметика, тасвирий санъат, тикувчилик, тўқувчилик, миллий ҳунармандчилик каби касб-ҳунар тўгараклари ташкил этилган.
Марказ ёшларнинг ташаббус ва ғояларини бирлаштириш, янги лойиҳалар тайёрлаш, ёшларни тадбиркорликка ўргатиш, тил ўргатиш, муҳокамалар майдони яратиш, турли соҳаларда маҳорат дарсларини ўтиш учун севимли масканга айланади.
Г.Эгамберганова
Ёшлар ишлари агентлиги
Янгибозор тумани бўлими бошлиғи
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 616 марта