Тинчликни асраш ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилади
Бугунги кунга келиб, мазкур хатар шу қадар кенг кўлам ва хилма-хил кўринишлар касб этмоқдаки, одамлар, кўпинча, унга эътиборсиз ҳатто, лоқайд бўлиб қолмоқдалар. Бошқача айтганда, «диний экстремизм» ва «халқаро терроризм» деган тушунчалар ҳаётий воқеликнинг ажралмас қисмидек қабул қилинмоқда. Бу - ниҳоятда ачинарли ҳол, албатта.
Замонавий терроризмнинг иккита алоҳида хатарли белгисини ажратиб кўрсатиш мумкин; бир томондан, у тобора шафқатсизроқ ғайриинсоний моҳият, иккинчи томондан, ақлга сиғдириш қийин жуғрофлй кўламлар касб этиб бормоқда. АҚШ Давлат департаментининг маълумотларига кўра, ҳозирда дунёда ҳар йили 650 дан ортиқ бундай ҳодисалар содир этилмоқда. Бу дегани - ҳар куни дунёнинг у ёки бу бурчагида кимларнидир қўрқувга солиш орқали муайян мақсадларга эришишни кўзлаган, камида иккита қўпорувчилик амалга оширилмоқда. Хатарли жиҳати шундаки, уларнинг сони мунтазам ошиб бормоқда.
Экспертларнинг фикрича, дунёда фаолият кўрсатаётган террорчилик ташкилотларининг юздан ошиғи энг замонавий қуроллар билан яхши таъминланган йирик уюшмалардан иборат. Улар турли қўпорувчиликларни содир этиш жараёнида ўзаро ҳамкорлик қиладилар, маълумотлар алмашадилар, зарур ҳолларда, бир-бирларига ҳарбий, молиявий ва бошқа шаклдаги ёрдамни кўрсатадилар. Бундай ташкилотларнинг энг йириклари қаторига «ал-Қоида», «ал-Жиҳод ал-Исломий», «ат-Такфир вал-Ҳижра», «Ҳизбуллоҳ», «ХАМАС» (Фаластин исломий қаршилик ҳаракати), «Абу Сайёф» (Филиппин), «Озод Ачех» ва «Лашкари жиҳод» (Индонезия), «Қуролли исломий ҳаракат» (Жазоир) кабиларни киритиш мумкин. Охирги йилларда халқаро миқёсда амал қилаётган яна бир исломий ташкилот - «Ҳизб ат-таҳрир ал-исломий»нинг фаолияти асосли равишда дунёнинг турли мамлакатларидаги террорчилик амалиётларни содир этганликда кўрилмоқда.
Масаланинг яна бир таассуфли жиҳати шундаки, диний либосларга ўралган террорчи ташкилотларнинг мутлақ кўпчилиги муқаддас ислом динини ўзига ниқоб қилиб олган.
Динни қурол қилиб олган бундай экстремистик ҳаракатлар бугун умуман кишилик жамияти ҳаётига жиддий таҳдид солмоқда дейиш мумкин. Шунинг учун, бугун, сиёсатшуносликда «жамиятнинг диний хавфсизлиги» деган янги тушунча шаклланмоқда. Мутахассислар дин ниқоби остида содир этилаётган террорчилик ҳаракатларининг асл моҳиятини ифода этувчи илмий мезонларни қидирмоқдалар. Ҳуқуқий мазмун ва моҳиятга эга ана шундай атамалардан бири сифатида «диний-сиёсий терроризм» тушунчасидан фойдаланиш ва унинг халқаро миқёсда эътироф этилишига даъват этмоқдалар.
Сўнгги йилларда мутаассиб оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини хорижий мамлакатлардаги меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “Интернет” орқали тарғибот ўтказиш, оила аъзолари, яқинлари ва қўшниларини ўз гуруҳига тортиш, яширин “ҳужралар” ташкил этиш, диний-экстремистик мазмундаги материалларни босма, электрон кўринишда тарқатиш каби усулларда амалга оширмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича ҳозирда 100 мингдан ортиқ экстремизмнинг турли кўринишларини ўзида ташувчи ғоялар тарғиботи билан шуғулланувчи сайтлар фаолият олиб бормоқда. Интернет орқали суҳбат олиб бориш жараёнида ёшларга куфр диёри, ҳижрат, жиҳод, шаҳидлик, халифаликни тиклаш каби ғоялар сингдирлиб, улар турли тўқнашув ва низо ўчоқларига жалб қилинмоқда. Муайян сиёсий кучларнинг ноғорасига ўйнаётган диний-экстремистик ва террорчи оқимлар томонидан у ерларда амалиётни ўтаб келган ақидапараст, дийдаси қотган, мустақил фикрлашдан маҳрум, раҳнамоларининг ҳар қандай буйруқларини қонун деб билувчи зомби жангарилардан тинч минтақаларда ҳам турли низолар ва беқарорликларни келтириб чиқаришда фойдаланиш мақсади бугун кўпчиликка аён ҳақиқатдир.
Айниқса, “жиҳодчи” гуруҳлар ўз сафига янги шахсларни жалб этишда интернет ва ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқда. Турли интернет сайтлари, “Однокласник”, “Твиттер” каби ижтимоий сайтларда ташкил этилган турли номлардаги форум ва гуруҳлар, “You Tube” порталидан кенг фойдаланилмоқда. Мазкур гуруҳларнинг тарғиботчилари кўп вақтини интернетда ўтказувчи, вақтинча ишсиз, хорижда пул топиш илинжида юрган ва ижтимоий ҳолатдан норози шахсларни ўз сафларига қўшиш мақсадида улар билан гўёки “мусулмонларнинг азобланаётгани” суҳбатлар олиб борадилар.
Тинчликни асраш ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Шу нуқтаи-назардан, глобаллашув жараёнлари шиддатли тус олган ҳозирги замонда халқимизда, айниқса, ёшларда миллий ғурур, ифтихор, туйғусини, янада чуқурроқ шакллантириш, ёт ғоялардан сақловчи мафкуравий иммунитет шакллантириш Ўзбекистондек буюк Ванатимиз келажагига ўзини маъсул ҳисобловчи барча юртдошларимизнинг, шу жумладан, диний соҳа ходимларининг муҳим вазифаси бўлиб қолади.
Ш.Маткаримов,
Янгибозор туман ИИБ ходими.
Муҳаррир:
Кўришлар сони: 733 марта