ОДАМ САВДОСИ ДАВР МУАММОСИ

Афсуски мана шундай кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар “замонавий қуллик”, яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёл ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

Шу ўринда одам савдоси деган иборанинг асли маъноси нимадан  иборат эканлигини билиш ва  уни тўғри талқин  этиш жоиздир. Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади. Ўтган асрдан йигирма биринчи асрга трансмиллий ташкилий жиноятчиликнинг учта энг хавфли тури “мерос” бўлиб ўтди. Уларнинг биринчиси – халқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик руҳи, куч ишлатиш, яъни экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик хуружлар, иккинчиси – наркобизнес ёки нарко-траффик билан шуғулланаётган жиноий уюшмалар, учинчиси – одам савдоси билан шуғулланувчи йирик-йирик жиноятчи ташкилотларнинг йилдан-йилга кучаяётганидир. Санаб ўтилган трансмиллий жиноятчилик, яъни ҳудуд ёки чегара танламаётган жиноятларнинг қайси бир турини олиб қарамайлик, уларнинг барчаси инсон ҳаётига, тақдирига очиқдан-очиқ тўсиқ бўлиб,  жамият тараққиётига ва унинг ривожига жиддий хавф туғдиришини кўрамиз.

Бу жиноятларнинг асосий сабаби энг аввало, маънавий қашшоқлик, дунёга очиқ кўз билан қарамаслик, теран  фикр юритмаслик, жамият, инсоният келажагини ўйламаслик, очкўзлик, мол дунёга ҳаддан ташқари ҳирс қўйиш ва нафсига қул бўлишдир. Одам савдоси қурбонлари ҳақида сўз борар экан, ҳозирги кунда дунё миқёсида қанча одам унинг домига илингани, яъни тўкин ҳаёт кечириш илинжида ўзга юртларга иш излаб кетаётганлар, одам савдоси билан шуғулланувчи қабиҳ ниятли кимсаларнинг турли  ваъдаларига ишониб, алданиб, турли хорижий мамлакатларда сарсон-саргардон бўлиб юрганлар тобора ортиб бораётгани ва унинг салбий оқибатлари ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Ўзимизнинг юртдошларимиз, миллатдошларимиз орасида аёллларни, айниқса, ёш қизларни чет элларда мўмай пул топиш, шоҳона ҳаёт кечиришга даъват этиб, уларни  алдаб, турли  йўллар билан хорижга олиб бориб чиқиб кетиш – уларнинг ўз таналарини сотишларига, яъни фоҳишабозликка мажбур этиш билан шуғулланувчиларнинг борлиги, айниқса, ачинарли ҳолдир. Энг ёмони,  бундай қабиҳ шахслар алдаб олиб кетилган аёлларни ҳужжатларини олиб  қўйиб,  уларнинг чет элга боришлари  учун  зарур бўлган  маблағни ўзлари тўлаб, аёлларни қарздор қилиб қўйишган. Кейин, ишлаб, шу пулларни тўлайсизлар деб, уларни ўзларининг шериклари орқали бир давлатдан иккинчи давлатга ўтказиб юборишган. Мана шу тариқа алданган аёллар сарсону саргардон бўлишган, қўлдан қўлга ўтиб, ўз таналарини сотиб, қарзларини тўлашга мажбур этилган.

Одам савдоси билан шуғулланиш, инсоннинг айнан инсон томонидан камситилиши, инсон танасининг сотилиши кечириб бўлмас жиноят, оғир гуноҳ саналади. Одам савдосига қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз саналади. Чунки хорижда меҳнат қилиш тартиб-қоидаларини билмаган айрим юрдошларимизнинг алданиб, ўзга мамлакатларда хор-зор бўлишларини ҳеч биримиз истамаймиз.

Б.Юлдошев,

Янгибозор туман ИИБ ходими


Июнь 12, 2020
Муҳаррир:
Кўришлар сони: 890 марта