Муаммолар “маҳаллабай” ўрганилмоқда
Мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш ва аҳоли муаммоларини ўрганиш ҳамда уларга ечим топишда маҳаллабай ишлаш тизими йўлга қўйилди. Бу бежиз эмас. Зеро, мазкур механизм ҳар бир инсоннинг дардини тинглаш, жамият барқарорлиги ҳамда фаровонлиги мезонларини ҳаётга татбиқ этиш имкониятини беради.
Бинобарин, мазкур жараёнда ҳар бир соҳа масъулларининг иштироки ва аралашуви муҳим жиҳатдир. Жойларда олиб борилаётган маҳаллабай ишлаш механизмининг ҳам муҳим асосини ана шу тамойил — барча соҳа вакилларининг ҳамжиҳат бўлиб, ҳудудлардаги масалаларни ечишга комплекс ёндашиши тушунилади. Маҳаллалар фаолияти ҳамда у ердаги мавжуд муаммолар билан танишиш, «Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган фуқароларнинг турмуш шароитини, уларга кўрсатилган ёрдамларни ўрганиш, мурожаатларини тинглаш мақсадида Давлат бошқарув академияси кафедра мудири, социология фанлари доктори, профессор, Янгибозор туманига бириктирилган масъул Мансур Бекмуродов туманда бўлди.
Ишчи гуруҳ билан ўтказилган ўрганишлар давомида одамларни қийнаётган ижтимоий муаммоларни жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Олтинкўл маҳалласида яшовчи Гавҳаржон Қуролованинг турмуш ўртоғи ногирон. Оиланинг иқтисодий аҳволи ночор. Унинг ойлик коммунал тўловлари ҳомийлар томонидан шу ернинг ўзида тўлаб берилди, ўзи маҳалладаги “Элинза” хусусий корхонасига шу ернинг ўзида ишга жойлаштирилди. Уйининг том қисмини таъмирлаш учун ҳомийлик асосида 12 млн сўм ажратиладиган бўлди. Малоҳат Бобожонова Чўболончи маҳалласида истиқомат қилади. Боқувчисини йўқотган, 3 нафар фарзанднинг онаси Малоҳат Бобожонова "Аёллар дафтари"да рўйхатда туради. Унга даромадини ошириш мақсадида икки минг метр экин майдони ажратилган. “Мақсадбек-Азиз” фермер хўжалигига ишга жойлаштирилган, даромадига фермер томонидан 3 та бузоқ берилган. Шунингдек, ўрганишлар давомида Паҳлавон Махмуд маҳалласидан Саломат Йўлдошеванинг кредит тўлови учун амалий ёрдам берилди. Манғитлар маҳалласидан Жуманазар Авезовга икки бош қўй берилди.
Ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган муаммолар, мурожаатлар жойида ижобий ечимини топиб, ўн нафарга яқин фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш, даволаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Янгибозор тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати
Муҳаррир:
Кўришлар сони: 830 марта