Қонунчиликдаги муҳим янгиликлар
Қонунга мувофиқ, айрим лицензияланадиган фаолият турлари билан рухсатнома ва хабардор қилиш орқали шуғулланишга рухсат берилганлиги муносабати билан бир қатор қонунларда лицензия талаби бекор қилинди.
Шунга кўра, Жиноят кодексига хабардор қилиш ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш талаб этиладиган фаолият билан хабарнома юбормасдан ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз шуғулланиш жуда кўп миқдорда даромад олиш билан боғлиқ бўлганида жиноий жавобгарликка сабаб бўлишига оид жавобгарлик киритилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида ҳам мазкур ҳаракатлар учун жавобгарлик чоралари белгиланди.
Фойдали қазилмаларни қидириш, разведка қилиш ва қазиб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланишда эндиликда рухсатнома олинади. Илгари лицензия талаб қилинган.
“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонунда фармацевтика фаолиятининг қуйидаги йўналишларига лицензия олиш талаб қилинмаслиги белгиланди:
тиббий буюмларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, улгуржи реализация қилиш;
дори воситалари ва тиббий буюмларни яратиш бўйича
илмий-тадқиқот ишлари;
дори воситалари ва тиббий буюмлар сифатини назорат қилиш;
доривор ўсимлик хомашёсини қадоқлаш ва улгуржи сотиш.
Маданий бойликларни реализация қилишда иштирок этувчи юридик шахслар ўз фаолиятини Маданият вазирлигини хабардор қилган ҳолда амалга оширади. Илгари рухсатнома олиш талаб қилинган.
Қишлоқ жойлардаги кичик тадбиркорларнинг умумий фойдаланиш пунктлари томонидан маълумотларни узатиш тармоқлари хизматларини кўрсатишга, қишлоқ жойлардаги кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро телекоммуникациялар тармоқлари хизматларини кўрсатишга доир фаолият учун лицензия талаб этилмайди.
Риэлторлик фаолияти учун лицензия олиш талаб қилинмайди.
Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларининг янги турларини жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилади.
Солиқ кодексида алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқи учун йиғимларни ундириш тартиби белгиланди.
Йиғим алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш бошланганлиги тўғрисида хабарнома юборилган пайтдан эътиборан тўланади. Бунда хабарнома жорий ойнинг йигирманчи санасига қадар юборилганда йиғим ушбу ой учун тўлиқ ҳажмда, хабарнома жорий ойнинг йигирманчи санасидан кейин юборилганда эса кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб ҳисоблаб чиқилади.
Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш фаолияти тўхтатиб турилганда ёки тугатилганда йиғимни ҳисоблаш кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб тўхтатиб турилади.
Алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқи учун йиғим ҳар ойда олдиндан тўлов шаклида, жорий ойнинг ўнинчи санасига қадар тўланади.
Дониёр Бекчанов,
Янгибозор туман адлия
бўлими бош маслаҳатчиси.
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 695 марта