Қадриятлар – маънавий камолот асоси!

10 кунлик доирасида масъуллар томонидан бир-биридан чиройли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил қилиниб, кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.

Бугун туман “Маънавият ва маърифат маскани” кутубхонасида ҳам “Милллий қадриятлар 10 кунлиги” тадбирлари доирасида танлов ўтказилди. Танловда иштирокчилар “Энг яхши лапар ижрочиси”, “Энг яхши алла ижрочиси”, “Бахшичилик йўналишида энг яхши ижрочи” номинациялари бўйича билим ва истеъдодларини синовдан ўтказдилар.

Тадбирлар давомида сўзга чиққанлар ўзбек халқининг минг йилликларга  дахлдор, гўзал ва маънавий илдизлари бой бўлган қадриятларининг боқийлигини таъминлаш, уларни ёшлар қалбига сингдириш ва келажак авлодларга етказиш борасида ташкил қилинаётган бу каби тадбирларнинг ўрни ва аҳамияти катта эканлиги ҳақида гапирдилар.

“Танлов номинацияси сифатида олинган “Алла” қўшиғи -  фарзандларимизни чинакам ватанпарвар ва меҳр-муҳаббатли қилиб тарбиялаш, она тили ва дилидан фарзандининг гўзал толейи,  бахт ва иқболини кўришга қарата  изхор қилинаётган такрорланмас ижод намунаси бугун иштирокчилар томонидан куйланар экан, бу қўшиқни тумандаги мактабгача таълим ташкилотларида ҳам радио орқали тарбияланувчиларга кундалик эшиттириб бориш бўйича қилинаётган саъйи ҳаракатларнинг аҳамиятини яна бир бора юракдан ҳис қилдик”, дея ўз таассуротларини билдирди  ҳакамлар ҳайъати аъзоси Ш.Қурбаниязов.

Тадбир давомида барча қатнашчилар ўзаро беллашиш билан биргаликда миллий қадриятларимиз гўзал намуналаридан баҳраманд бўлдилар, маънавий озуқа олдилар!

Тадбир якунида белгиланган номинациялар бўйича 1-,2-,3-ўринни эгаллаган иштирокчиларга туман Маънавият ва маърифат маркази ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан тайёрланган дипломлар, китоблар жамланмаси ва бошқа эсдалик совғалар топширилди.

Д.Тажимуратова,

Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими бош мутахассиси.


Март 29, 2022
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 696 марта