ҚУРИЛИШ ПУДРАТИ ШАРТНОМАСИДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН НИЗОЛАР

Қурилиш пудрати шартномаси буюртмачи ва пудратчи ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Қурилиш пудрати шартномасининг шартларини баҳолашда судлар
ФК 364-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан келишувга эришилган бўлса, шартнома тузилган деб ҳисобланади.

 Агар ишни кўриш жараёнида шартномада бундай шартларнинг мавжуд эмаслиги аниқланса, суд низо юзасидан қурилиш ишларини бажаришда расмийлаштирилган ҳужжатлар асосида қарор қабул қилади ва унинг асослантирувчи қисмида қурилиш пудрати шартномаси тузилмаганлигини кўрсатиб ўтади.

Қурилиш пудрати шартномасида муҳим шартларнинг мавжуд бўлмаганлиги ва шунга кўра шартнома тузилмаган деб ҳисобланиши, агар бундай ишларнинг бажарилганлиги ҳолати тақдим этилган далиллар билан исботланса, бажарилган ишлар қийматини ундириш тўғрисидаги талабни рад этишга асос бўлмаслигига қаратилсин. Бироқ, бундай қурилиш пудрати шартномаси шартлари ва (ёки) қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарлик чорасини (неустойка, фоизлар ундириш, зарарни қоплаш) қўллаш тўғрисидаги талабни қаноатлантириш рад этилади.

Агар қонун ҳужжатларида қурилиш пудрати шартномаси фақат электрон дўкон, танлов, тендер, ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган давлат харидлари натижалари асосида тузилиши назарда тутилган бўлиб, шартнома савдолар ўтказилмасдан тузилган бўлса, бундай битим Фуқаролик Кодексининг 116-моддасига асосан ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.

Фуқаролик Кодексининг 108 ва 109-моддалари мазмунига кўра, қурилиш пудрати шартномаси оддий ёзма шаклда тузилади ва ушбу шаклга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, бироқ тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Бунда, агар қурилиш пудрати шартномаси ёзма шаклда тузилмаган бўлса, тарафлар битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини ёзма ёхуд бошқа далиллар билан тасдиқлашлари мумкин.

Агар қўшимча ишлар қиймати сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг ўн фоизидан ошса ва буюртмачи лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиш киритишга қарши бўлса, пудратчи шартномадан бош тортишга ва бажарган ишларига мутаносиб равишда шартнома баҳосини тўлашни ёхуд ФК 382-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган тартибда шартнома баҳосини қайта кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда, қурилиш пудрати шартномаси тендер савдоси натижаси бўйича тузилган бўлса ва тендер комиссияси шартномага ўзгартишлар киритишни рад этса, пудратчи шартномадан воз кечиш ва буюртмачидан етказилган зарарни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу қоида буюртмачи томонидан тендер комиссиясига тегишли ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолларда ҳам қўлланилади.

Агар пудратчи буюртмачини қўшимча ишларни бажариш ва қурилишнинг смета қийматини ошириш зарурлиги тўғрисида олдиндан огоҳлантирмаган, аммо буюртмачи пудратчи томонидан қўшимча бажарилган ишларни қабул қилган бўлса, бу ҳолат буюртмачининг бундай ишлар ҳақини тўлашга розилигини англатмайди.

Агар ишдаги пудрат шартномаси шартларидан четга чиқишлар ёки бошқа хил камчиликлар жиддий ва бартараф этиб бўлмайдиган даражада бўлса, буюртмачи шартномани бажаришдан бош тортишга ва келтирилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли. Агар ишдаги пудрат шартномаси шартларидан четга чиқишлар ёки бошқа хил камчиликларни бартараф этиш мумкин бўлса ва буюртмачи пудратчидан белгиланган оқилона муддатда уларни бартараф этишни талаб қилган бўлса, бироқ улар пудратчи томонидан бартараф этилмаган ҳоллардагина буюртмачи шартномани бажаришдан бош тортишга ва келтирилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

 

    Ш.Джамолов,

          Хоразм вилоят судининг

иқтисодий ишлар бўйича судьяси                                     


Сентябрь 22, 2022
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 312 марта