Гербимиз -миллий ифтихоримиз!

Ўтаётган ҳар бир кун бизни энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик айёмига тобора яқинлаштирмоқда. Бу сананинг Ватанимиз халқимиз ҳаётида тутган ўрни, аҳамияти беқиёсдир. Зотан биз мустақиллик туфайли ўзлигимизни англадик, кимларнинг авлоди эканлигимизни чуқурроқ тушуниб етдик. Шу ўринда айнан истиқлол туфайли мамлакатимиз тимсоли бўлган давлат рамзларининг қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Зеро, эл юртимизнинг ғурури, ифтихори бўлган бу рамзларда тарихимиз, бой маънавий- маданий меросимиз, миллий урф одатларимиз ҳамда анъаналаримиз буюк мақсад, эзгу орзу-интилишларимиз тажассум топган. Ҳар бир мустақил давлат сингари биз ҳам 1992- йил 2 июль куни Ўзбекистон республикаси герби тўғрисидаги  қонунни қабул қилдик ва бу кунни тарихга муҳрладик.

Давлатимиз гербида халқимизнинг тарихи, бугуни ,келажаги ўз аксини топган. Унда тароватли водий узра нур сочаётган қуёш тасвирланган. Бу серқуёш юртимизга, ундаги обод манзилларга ишора. Баланд тоғлар оралаб оқаётган дарёлар- мангулик тимсоли бўлса, гербнинг сўл томонидаги буғдой бошоқлари халқимизнинг ризқ-рўзи бутунлигидан, ўнг томонидаги қийғос очилган ғоза ифодаланган чамбар юртимиз одамларининг оппоқ орзулари ,эзгу ниятларидан далолатдир. Гербнинг юқори қисмида элу юртимиз жипслигининг рамзи сифатида саккиз қирралари юлдуз тасвирланган.Унинг ичида жойлашган ярим ой ва юлдуз халқимизнинг дину диёнатига хос муборак тимсолидир. Гербимиз марказида эса қанотларини ёзиб турган ҳумо қуши тасвири бор. Ҳумо қуши ҳақида турли хил афсоналар бор у бахт, омад, ҳиммат, олижоноблик тимсоли сифатида тасвирланган. Гербнинг пастки қисмидаги чамбар тасмага « Ўзбекистон» сўзи битилган.

Тамғамиздаги барча рамз ва тимсоллар халқимизнинг тинчлик, эзгулик, бахт- саодат , тўкинлик ,фаравонлик йўлидаги орзу умидларини ўзида намоён этади.Гербимиз ўзини шу юрт фарзанди деб ҳисоблайдиган ҳар бир инсон учун фахр белгисидир.

 Нодира Баҳрамова,

Ўзбекистон Давлат Санъат ва Маданият институти талабаси


Июль 02, 2021
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 789 марта