Яширин иқтисодиётга қарши телеграм боти ишга туширилди
Ушбу фаолият давлатнинг иқтисодий негизига салбий таъсир қилиши билан бирга, ҳалол рақобат муҳитининг шаклланишида ҳамда коррупцияга муросасизлик билан курашиш борасидаги тадбирлар натижадорлигига ҳам жиддий путур етказади.
Бугунги глобаллашув шароитида мамлакатимизда яширин иқтисодиётнинг янги усул ва каналлари шаклланаётганлиги иқтисодиётимиз учун реал хавф саналиб, унга барвақт барҳам берилишида инсофли тадбиркорлар ҳамда жамоатчиликнинг иштироки муҳим аҳамиятга эга.
Шу сабабли, яширин иқтисодиётни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишга қаратилган таклифларни қабул қилиш мақсадида Бош прокуратурада “yashirin_iqtisodiyot_takliflar” (https://t.me/YashirinIqtisodiyotTakliflarBot) номли телеграм боти ишга туширилди.
Ушбу бот орқали қурилиш, фармацевтика, улгуржи савдо, хизматлар кўрсатиш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, транспорт соҳаси, умумий овқатланиш, туризм, кўчмас мулк савдоси, алкоголь, бозорлар, солиқ имтиёзлари, солиқ тўловлари, солиқ текширувлари, солиқ маъмурчилиги, рақамлаштиришдаги мавжуд муаммолар, коррупцияни олдини олиш ҳамда маъмурий тартиб - таомиллар каби бир қатор йўналишларда шаклланган хуфиёна айланмаларни олдини олишга қаратилган таклифлар билдириш мумкин.
Таъкидлаш жоиз, ушбу телеграм бот орқали индивидуал мурожаатлар эмас, балки тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган аниқ таклиф ва тавсиялар қабул қилинади ва кўриб чиқилади.
Ташаббускор тадбиркорлар ва фуқароларимизни фаолликка чақириб, қонунларга қарши қаратилган ноқонуний фаолиятни олдини олиш ва унга қарши курашиш билан боғлиқ таклифлар жамиятимиз равнақида муҳим ўрин тутади деган умиддамиз.
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 268 марта