Аҳолини ялпи рўйхатга олишга тараддуд
Аҳолини ялпи рўйхатга олиш тадбирига бутун республикамизда бўлгани каби, вилоятимизда ҳам катта тараддуд кўрилмоқда. Тайёргарлик жараёнида бир қатор йўналишлар бўйича ишларни амалга оширишга асосий эътибор қаратилган бўлиб, шулардан бири кенг жамоатчиликка тадбирнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва долзарблигини етказишдан иборатдир.
“Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида мазкур тадбирни ўтказишга ваколатли қилиб белгиланган Давлат статистика қўмитаси ва унинг ҳудудлардаги бошқарма ва бўлимлари томонидан тарғибот ва ташвиқот ишларини барча идора ва ташкилотлар, таълим муассасалари ва маҳаллаларда семинар, давра суҳбатлар ва очиқ мулоқотлар ўтказилиши йўлга қўйилган.
Ўтказилган мулоқотлар давомида вилоят статистика бошқармаси ва туман статистика бўлими мутахассислари томонидан аҳолини рўйхатга олишнинг нафақат алоҳида бир давлат, балки Ер юзи аҳолисининг сони, ижтимоий ҳолати, даромадлари каби бир қанча муҳим ахборотларни ҳисоблаб боришга хизмат қилиши ҳақида маълумотлар берилди.
Аҳолини рўйхатга олиш тадбирида барча фуқаролар иштирок этиши талаб этилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, айтиш мумкинки, ҳар 10-15 йилда ўтказилиши белгиланган аҳолини рўйхатга олиш, аввало, давлат ёки ҳукумат эмас, балки жамиятнинг ўзи учун зарур бўлиб, у вақти-вақти билан ўз-ўзини кўзгуда кўриш орқали ривожланиш натижаларини баҳолаш имкониятидир.
Маълумки, аҳолини рўйхатга олиш ишларини ташкил этиш ва ўтказишда респондентлар ҳақидаги маълумотлар маҳалла фуқаролар йиғинлари кесимида йиғилади. Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳолини рўйхатга олишда иштирок этишининг асосий мезонлари кўрсатиб ўтилган. Шунга мувофиқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга кўмаклашиши, аҳоли ўртасида ваколатли идоралар томонидан ўтказиладиган тарғибот-ташвиқот жараёнида бевосита иштирок этиши, тадбирни ўтказиш давомида жамоатчилик назоратини амалга оширишга масъул этиб белгиланган.
Бугунги кунда бутун мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик, тадбирнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиққан ҳолда, кенг кўламда олиб борилмоқда. Ишонамизки, маҳаллалар билан ҳамкорликда ўтказиладиган асосий аҳолини рўйхатга олиш тадбири юқори даражада ташкил этилади.
Б.Артиқбаев
Янгибозор туман статистика бўлими бошлиғи
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 193 марта